ЕКАТЕРИНБУРГ, 15 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош консуллиги кўмагида Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакили, Наманган шаҳар «Юсуфхон ўғли Қосимхон» жоме масжиди имом-хатиби Хусан Иброхимовнинг Урал федерал округига амалий сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Сафар давомида Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакили Урал федерал округида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва ушбу минтақадаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ватандошлар билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Хусусан, Екатеринбургдаги «Дўстлик» маданият саройида, «Абу Ханифа» масжидида, Свердловск вилояти Верхняя Пишма шаҳридаги «Исмагил Аль-Бухорий» ва Арамиль шаҳридаги «Ас-Салям» масжидларида меҳнат мигратлари ва Урал федерал университети ҳамда Урал давлат темир йўллари университетида таҳсил олаётган ватандошлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Ватандошлар учун Ифторлик дастурхони ёзилди ва «Таровех» намози бирга адо этилди. Суҳбатлар чоғида фуқароларимизни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
Хусан Иброхимов ўз маърузаларида хориждаги ватандошлар, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ўзликни англаш ва миллий қадриятларимиз, маданиятимизни кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистонда фуқароларнинг диний амалларини адо этишлари учун яратилган имкониятлар алоҳида таъкидланди.
Бўлиб ўтган учрашувларда, шунингдек, Бош консулхона ходимлари 30 апрель куни Ўзбекистон Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказиладиган умумхалқ референдуми ҳақида маълумот бердилар. Хориждаги юртдошларимиз учун 19-26 апрель кунлари бўлиб ўтадиган муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари тушунтирилди.
Ватандошлар ушбу референдумда фаол иштирок этишга даъват этилди.