Екатеринбурда ўтказилган давра суҳбати Ўзбекистонда бўлажак парламент сайловига бағишлан
Бош консулхона томонидан Осиё-Европа тадқиқотлар маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистонда бўлажак парламент сайловига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Онлайн ва офлайн шаклда ўтказилган тадбирда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академиясининг Халқаро глобал муаммолар тадқиқотлари маркази раҳбари Вадим Козюлин, "Anyway.Law" халқаро консалтинг компаниясининг Россиядаги ваколатхонаси раҳбари Анджей Сапегин, Марказий Осиё халқаро институти директор ўринбосари Шерзод Файзиев, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Дипломатик академия директор ўринбосари Абдусамат Ҳайдаров ва Екатеринбургда таҳсил олаётган ватандошлар иштирок этди.
Бош консул Жаҳонгир Парманов давра суҳбатининг очилиш қисмидаги нутқида юртимизда жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган парламент сайлови аралаш тизим (мажоритар-пропорционал) асосида амалга оширилаётганини, сайлов жараёнига қатор инновациялар жорий этилганлигини, депутатликка номзодлар умумий сонининг 40 фоизини аёллар ташкил этишини айтиб ўтди.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги Дипломатик академия директори ўринбосари Абдусамат Ҳайдаров иштирокчиларга Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, бўлажак парламент сайлови Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида белгиланган тамойиллар асосида ҳамда сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартишларга мувофиқ ўтказилаётгани ҳақида батафсил маълумот берди.
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамияти асослари мустаҳкамланиб бораётгани ва бу борада эришилаётган ютуқлар алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистонда сайлов жараёнини рақамлаштиришга катта эътибор қаратилаётни, хусусан "Е-сайлов" ахборот тизими жорий этилгани экспертлар томонидан алоҳида қайд этилди. Экспертларнинг фикрича, ушбу тизим сайловчилар ва сайлов участкалари тўғрисидаги статистик, депутатликка номзодлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этади, шунингдек, интерактив хариталар орқали номзодлар ва уларнинг биографик маълумотларини кўриш имконини беради, бу эса сайлов жараёнларида бюрократия, ортиқча вақт ва қоғозбозликни камайтиради.
Осиё-Европа тадқиқотлар маркази директори Андрей Русаков бўлажак сайловлар Ўзбекистонда демократик давлатчилик намунаси эканлигини, улар фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишда, давлат органларини миллий қонунчиликка ва халқаро сайлов стандартларига тўла риоя қилган ҳолда шакллантиришда муҳим аҳамиятга касб этишини урғулади.
📅 15.10.2024