Россиянинг Челябинск вилоятидаги корхона Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш таклифини билдирди
Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхона ходимлари Челябинск вилоятига сафарлари давомида "Русские прянники" МЧЖ раҳбарияти билан музокара ўтказдилар.
Музокаралар Ўзбекистон Президентининг "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон фуқароларини мазкур корхонага қонуний тарзда ишга жойлаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Россия томони Ўзбекистон раҳбарияти томонидан миграция соҳасини тартибга солиш, хорижда ишлаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш, чет элда ишламоқчи бўлганлар малакасини ошириш, уларни аниқ касбларга ўқиш бўйича ҳаётга тадбиқ этилаётган дастурлар билан таништирилди. Ўзбекистон ҳудудларида очилган Мономарказлар фаолиятига алоҳида урғу берилди.
"Русские прянники" МЧЖ мутасаддилари айни пайтда 30 нафардан ортиқ ҳамюртларимизни иш билан таъминлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, уларнинг яшашлари учун барча шароитлар яратиб берилиши маълум қилинди.
📅 11.03.2025