Ўзбекистон ҳудудлари ва Россиянинг Челябинск вилояти ўртасида миграция йўналишидаги ҳамкорлик жадаллашмоқда
Ўзбекистон бош консули Жаҳонгир Пармонов Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбург шаҳридаги вакили билан биргаликда амалий сафар билан Россиянинг Челябинск вилоятига борди
Сафар давомида Челябинск вилояти халқаро ва минтақалараро ҳамкорлик вазири Дмитрий Глухарев, Челябинск вилояти меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш департаменти раҳбари Александр Шегуров ва ҳудуднинг етакчи ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Бош консул Жаҳонгир Парманов мазкур учрашувдаги нутқида, Россия ва Ўзбекистон раҳбарларининг ўзаро ишончли стратегик мулоқотлари туфайли икки давлат ўртасидаги муносабатлар барқарорликни намоён этиб, фаол ривожланиб бораётганини таъкидлади. Ўзбекистонда миграция соҳасида амалга оширилаётган ижобий ишлар, хориждаги ватандошларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси, чет элга умумлаштирилган ҳолда ишчи кучини жалб қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ва мамлакатимиздаги малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича "Мономарказлар" фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.
Челябинск вилоятига Ўзбекистондан меҳнат мигрантларини жалб этиш, уларни танлаш бўйича тадбирлар ташкил этиш, меҳнат фаолиятини амалга оширишига рухсат этувчи ҳужжат (патент)ни расмийлаштириш, фуқароларни иш жойига трансфер қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда иштирок этган йирик иш берувчилар билан икки томонлама шартнома имзолаш тўғрисида келишиб олинди.
Мамлакатимиз вакилларининг шу йилнинг март-апрель ойларида Челябинск вилоятида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбирини ўтказиш бўйича таклифлари ҳам қўллаб-қувватланди.
📅 03.02.2025