Россиянинг етакчи қурилиш компаниялари Ўзбекистондан саккиз юздан ортиқ ишчиларни жалб қилишга қизиқиш билдирди
Бош консулхона ходимлари Россиянинг етакчи қурилиш компаниялари раҳбарлари билан музокара ўтказди
Учрашувлар Ўзбекистон Президентининг "Миграция жараёнларини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ва "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Жумладан, Свердловск вилояти Верхний Тагил шаҳрида жойлашган "Куратье" МЧЖ раҳбари Александр Власкин билан бўлиб ўтган учрашувда мазкур корхонага Ўзбекистондан қонуний асосда ишчиларни ёллаш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.
Александр Власкин ўзи раҳбарлик қилаётган корхонада 200 нафарга яқин ишчи кучини жалб қилишга эҳтиёжи мавжудлигини билдирди. Томонлар мазкур бўш иш ўринларига ҳамюртларимизни жалб қилиш бўйича Ўзбекистоннинг тегишли идоралари билан музокара ўтказишга келишиб олдилар.
Бош консулхонада Свердловск вилоятидаги йирик иш берувчи "СМУ-30" МЧЖ вакиллари билан учрашув ўтказилди. Унда мазкур ташкилот ҳозирги кунда 180 нафар бўш иш ўринлари борлиги маълум қилинди. Корхона вакиллари Ўзбекистон фуқаролари ўз ишларининг етак устаси эканлиги ва топширилган ишни виждонан бажаришларини инобатга олиб республикамиздан ишчи кучини жалб қилишдан манфаатдорлигини тасдиқлади.
Дипломатлар, шунингдек, Тюмень вилоятида "Градиент" қурилиш ташкилоти мутасаддилари билан музокара ўтказдилар. Учрашувда ушбу корхонага 100 нафар монолитчи, 100 нафар ғишт терувчи ва 100 нафар пардозчи, жами 300 нафар мутахассисларга эҳтиёжи борлигини билдирилди.
Музокаралар якунида иш берувчи корхона вакиллари билан ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Свердловск вилоятидаги йирик қурилиш йўналишида фаолият олиб борувчи "Оптимум" МЧЖ вакиллари билан учрашувда эса Ўзбекистондан 150 нафарга яқин ишчини жалб қилиш имконияти мавжудлиги маълум қилинди.
Музокаралар якунлари бўйича мазкур ташкилотларга 830 нафар ишчи кучини Ўзбекистондан қонуний тартибда жалб қилиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
📅 23.01.2025