ЕКАТЕРИНБУРГ, 23 январь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси ходимлари 19-20 январь кунлари амалий сафар билан Челябинск шаҳрида бўлдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Сафар давомида Жанубий Урал давлат тиббиёт университети (ЖУБТУ) ректори А.Мирошниченко билан учрашув ўтказилди. Унда ЖУДТУ ва Ўзбекистон таълим муассасалари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ректор ЖУДТУ бугунги кунда Тошкент стоматология институти, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро давлат тиббиёт институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиб келаётганини маълум қилди. У шунингдек, Ўзбекистон томони билан тиббиётнинг стоматология йўналиши билан билан бир қаторда жарроҳлик, хусусан, болалар жарроҳлиги соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифлар мавжудлигини айтди.
«ЖУДТУ хорижий талабаларни ўқитишнинг тармоқли лойиҳаларини йўлга қўйишдан манфаатдордир, -деди А.Мирошниченко.-Бу борада ўзбекистонлик талабаларни қабул қилиш ва ўқитиш учун барча имкониятлар мавжуд».
Амалий сафар давомида ўзбек дипломатларининг Жанубий Урал давлат аграр университети (ЖУДАУ) ректори С.Черепухина билан ҳам музокаралари бўлиб ўтди. Учрашув чоғида қишлоқ хўжалиги соҳасида мамлакали кадрлар тайёрлаш ва қўшма дастурларни ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Россия томонига Тошкентдаги Халқаро қишлоқ хўжалиги университети фаолияти ва унинг олдига қўйилган аниқ вазифлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ва ЖУДАУ ўртасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш мақсадида икки олий таълим муассасси раҳбарлари даражасида онлайн музокараларни ташкил этиш таклифи билдирилди.
ЖУДАУ ректори, ўз навбатида, бугунги кунда университетда 45 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олаётганлигини билдирар экан, улар билим олишга чанқоқлиги ва ўз тарбиялари билан башқаларга ҳар томонлама ўрнак бўлишаётганини таъкидлади.
Дипломатлар, шунингдек, Челябинск вилоятидаги «Бобур» ўзбек миллий маданий маркази раиси М.Қодиров ҳамда ўзбек диаспораси фаоллари билан учрашув ўтказдилар.
Унда Россиянинг ушбу ҳудудида ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ҳамда оммалаштиришга оид масалалар муҳокама қилинди.
Челябинск ва Курган вилоятлари мусулмонлар идораси раиси, муфтий Р.Раев, шунингдек, «Равис» ширкати ва «Агрокомплекс Август» корхонасида меҳнат қилаётган ватандошлар билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистонда маънавий-маърифий юксалиш, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлаш, мамлакатимизда виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида эришилган муваффақиятлар ҳақида атрофлича фикр юритилди.
Шунингдек, иштирокчилар эътиборига ҳукуматимиз томонидан меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш тарзини яхшилаш, касб-ҳунарга мақсадли ўқитиш ҳамда чет элга уюшган ҳолда ишга юбориш масалалари бўйича амалга оширилаётган тадбирлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.
Бош консуллик ходимлари ўтказилган учрашувлар давомида ҳамюртларимизнинг мавжуд муаммо ва таклифларини тинглашди, уларни бартараф этиш бўйича зарур кўмак кўрсатилишини маълум қилдилар.